Янгиликлар
Янгиликлар
2024-07-25
ИСТИҚБОЛЛИ ИСЛОҲОТЛАР ИЖРОСИ
ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатлам вакилларини меҳнат фаолиятига жалб этиш, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва аҳолини турмуш даражасини ўрганиш мақсадида ҳудудларга ташрифлари чоғида ҳам асосий эътибор аҳоли бандлигига қаратилганлиги мазкур масаланинг нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда.
Хоразм вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг бир қатор чора-тадбирлар дастурлари ҳамда бу борадаги тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида Хоразм вилоятида 173,1 минг нафардан зиёд аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди. 81,2 минг нафардан ортиқ нафар аҳоли тадбиркорликка жалб қилинди. Шундан, 57,7 минг ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига, 6,2 минг ЯТТ ҳисобига, 3,4 минг янги корхоналар ташкил этиш орқали, 14 минг деҳқон хўжаликлари ҳисобига ўз бизнесини бошлади. Шунингдек, 16,2 мингта камбағал оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш орқали камбағаллик даражаси 14,1 фоиздан 10,9 фоизгача туширилди. Жорий йил якунигача 76,1 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиши, 33 минг нафар ишсиз фуқаролар доимий ишга жойлаштирилиши, 4,3 минг нафар аҳоли жамоат ишларига жалб қилиниши белгилаб қўйилган.
Бугун барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад – аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, улар учун муносиб бўлган яшаш шароитларини яратиб беришдир. Албатта, бу жараёнда кафолатланган меҳнатга эга бўлган иш ўринлари орқали аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб саналади. Замон талаби эса, юқори малакага эга бўлган кадрларни етиштириш бўлиб қолмоқда. Сабаби юксак билим ва кўникмага эга бўлган кадрларгина, бугун ўз соҳа ривожини таъминлаши, мамлакатдаги ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат бозорига замонавий тажрибаларни олиб кириш орқали рақобатга дош бериши мумкин.
Жорий йилннг январ-июн ойларида Хоразм вилоятида иш билан банд бўлмаган 8 минг 950 нафар фуқаролар касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Шундан 3 минг 363 нафарини ёшлар, 7 минг 786 нафарини аёллар ташкил қилади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ишсиз аҳолини замон талаби ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш ва ўқитишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, жойларда ташкил этилган мономарказлар, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўқишлар ташкил этилиб, аҳолимиз ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишмоқда.
Шу йилнинг ўтган даври мобайнида Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида вилоят бўйича ҳоким ёрдамчилари тавсияномаларига асосан 10 минг 92 нафар фуқароларга 210,5 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Шунингдек, 1 минг 572 нафар фуқароларга 8 миллиард 141 минг сўмлик субсидия маблағлари ажратилди. Жумладан, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 1 минг 30 нафар ишсиз опа-сингилларимизга 5,4 миллиард, “Ёшлар дафтари”га киритилган 542 нафар ишсиз ёшларга 2,6 миллиард сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилди.
Изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш орқали даромадларини оширишдек эзгу ташаббуслар мужассам. Зеро, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга эришилмоқда. Айниқса, янги корхоналарнинг ташкил этилиши бир томонидан экспорт кўламини оширишга, иккинчи томондан жойларда янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хоразм вилоятида жорий йилнинг январ-июн ойлари давомида 156 минг 484 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди. Буларнинг барчаси солиқ ҳисоботларида тасдиғини топган иш ўринларидир. Режага асосан ярим йилликда 138 минг 746 та янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлса, январ-июн ҳолатига 113 фоиз билан якунлашга муваффақ бўлдик. Шу ўринда яратилган бўш иш ўринларини соҳалар кесимида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 1 минг 980 та янги иш ўрни юзага келди. Бу бўйича ярим йилликка белгиланган режа 1 минг 723 тани ташкил этган бўлса, бу борада 115 фоиз натижадорликка эришилди. Хизмат кўрсатиш соҳасида режага кўра 28 минг 329 та бўлса, амалда 54 минг 849 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, 194 фоиз кўрсатгичга эга бўлинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида режа 94 минг 538 та, қурилиш соҳасида 5 минг 117 та бўш иш ўринлари яратилди. Йил якунига қадар бу борада яна бир қатор самарали ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида бўй кўрсатяпти. Айниқса, бандлик, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган ўзгаришларни ҳар бир фуқаро ҳаётида сезмоқда ва ҳис этаётгани айни ҳақиқат. Буларнинг натижаси эса халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқариши тубдан ўзгараётганида намоён бўлмоқда.
Зафар ОЛЛАКУЛИЕВ,
Хоразм вилояти Камбағалликни
қисқартириш ва бандлик бош
бошқармаси бошлиғи.