Янгиликлар
Янгиликлар
2024-12-15
Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида кескин ва муросасиз кураш олиб боришга жиддий киришилди. Шунга қарамай, мазкур иллат давлатнинг айрим соҳаларида учраётганлиги мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга албатта ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Коррупция нафақат мамлакатга моддий йўқотиш олиб келади, балки тадбиркорлик ривожига, қонун устуворлигини шакллантиришга тўсқинлик қилади, жамиятда ижтимоий кескинликни, бандлик тизимига ишончсизликни келтириб чиқаради.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат тизимини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак», дея алоҳида таъкидлаганлари унинг нақадар хавфли иллат эканлигини кўрсатади. Коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиши керакдир.
Бугунги кунда айрим ҳоким ёрдамчилари ва тизимда фаолият юритаётган баъзи нопок ходимлар ўз манфаатларини давлат ва жамият манфаатларидан устун қўйиб, кредит олишда, буджет маблағларининг мақсадли тақсимланишида, афсуски, қонунга зид ишларга аралашиб қолаётганликларининг гувоҳи бўляпмиз. Халқимиз «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади», деб бежиз айтмаган. Содир этилган ҳар қандай коррупциявий жиноят албатта, ошкор бўлади. Шунинг учун, яна бир карра огоҳлантириманки, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар. Буни ҳар бир давлат хизматчиси виждонан ҳис қилиши, ота-онаси, фарзандлари ва акасингилларининг ғурури ва шаънини кўз олдига келтиришлари керак.
Давлат хизматчиси – бу оддий ходим эмас, у давлат топшириғи ва манфаатлари бўйича унинг номидан ҳаракат қилувчи шахсдир. Шундай экан, давлат хизматчиси деган юксак ва шарафли номга доғ туширмаслик учун энг аввало, ҳалол бўлишимиз, олдимизга қўйилган вазифаларни виждонан, ватанпарварлик туйғусини тўлиқ ҳис этган ҳолда бажаришимиз лозим. Иш фаолиятимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатда бўлайлик, халқимизга ҳалол ва садоқат билан хизмат қилишни асосий бурчимиз ва вазифамиз, деб билайлик. Фаолиятимизни қайтадан холис таҳлил қилиб, вазирлик олдига қўйилган устувор вазифаларни шахсий манфаатимиздан устун қўйган ҳолда сидқидилдан бажаришга барча куч ва салоҳиятимизни сафарбар этайлик.
Давлатимиз раҳбари томонидан «Тараққиёт стратегияси»да белгилаб берилган мақсадлар, шунингдек,камбағалликни қисқартириш ва бандлик тизими олдига қўйилган вазифа ва топшириқлар ижросини сўзсиз ва оғишмай бажарилишини таъминлайлик.
Коррупцияга қарши курашиш йўлида бирлашайлик!
☎️Мурожаатлар учун ишонч рақами: (62) 224-12-23