Янгиликлар
Янгиликлар
2025-04-19
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Захидов айни кунларда хизмат сафари билан Хоразм вилоятида бўлиб турибди.Ҳудудда касбга ўқитиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.
Дастлабки манзил – Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) билан ҳамкорликда барпо этилаётган Урганч шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш маркази бўлди. Жорий йилнинг июнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу объектдаги қурилиш-монтаж ишлари кўздан кечирилиб, уни тез ва сифатли якунлаш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.
Навбатдаги манзил – Хонқа туманидаги 1 гектар майдонда барпо этилган иссиқхона. Бу ерда замонавий технологиялар асосида кўчат етиштирилади. Ҳозиргача 60 нафар ишсиз хотин-қизлар гулчилик ва кўчатчилик бўйича шу ернинг ўзида ўқитилиб бандлиги таъминланган. Вазир тадбиркор билан суҳбатда иссиқхона фаолиятини кенгайтириб, янги иш ўринларини яратишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.
Ташриф давомида мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги саноат зонаси ҳам кўздан кечирилди. Объект ишга тушиши билан 648 нафар янги иш ўрни яратилади. Б.Захидов бу ерда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва масъуллар билан мулоқот қилди ҳамда ечими кутаётган масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хоразм вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Ахборот хизмати