Саҳифа манзили: 

Танланган матн: 

Хабар

Янгиликлар

КАМБАҒАЛЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ (мақола)

error

2025-11-07


"Камбағалликни қисқартириш — бу ҳар бир раҳбар, ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаронинг умумий иши, умумий масъулиятидир. Бу – бизни бирлаштирадиган, ҳаракатга ундайдиган, келажакни барпо этадиган умуммиллий ҳаракатга айланиши керак."

— Президент Шавкат Мирзиёев.

Бу фикр — сиёсий баёнот эмас, бу — оғир ҳаётлар оғушида яшаётган юз минглаб инсонларга юзланиш, бу — давлатнинг дардга қарши жавоби.

Бугун мамлакатда камбағалликни қисқартириш масаласи шунчаки иқтисодий режа, статистик кўрсаткич эмас. Бу — жамиятнинг ички руҳий иқлими, халқ билан давлат орасидаги ишонч риштаси, ҳар бир фарзанд келажагига бўлган умиднинг пойдевори.

Вилоятимизда ушбу йўналишда аниқ механизмлар, тизимли ишлар, инсон қадрига таянган ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оиланинг ҳолати алоҳида ўрганилиб, инсоний қиёфа берилган реестрлар, ёрдам эмас — имкониятлар билан тўлдирилмоқда.

Президент белгилаб берган бу масъулиятли вазифани бажариш йўлида Хоразм вилоятида муайян ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Чунки гап, аввало, инсон ҳақида кетмоқда. Гап — нафақат унинг яшаш шароити, балки давлат унга қандай нигоҳ билан қараётгани ҳақида.

Бугунги кунда вилоятда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир юрак билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Вилоят бўйича 65 433 та оила сўровномадан ўтказилди. Бу — оддий статистика эмас. Бу — давлат томонидан "сиз борсиз, сиз муҳим сиз", деган меҳрибонлик ифодасидир. Ана шу ўзаро ишончнинг натижаси ўлароқ, 48 082 та оила «Камбағал оилалар реэстри»га киритилди.

Бу рўйхат энди расмий ҳужжат эмас — давлат эътибори учун очилган деразадир. Реэстрдаги ўз аксини кўрган фуқаро ўз ҳаёти учун масъулиятни қайта ҳис қила бошлади. Чунки бу сафар унга фақат ёрдам эмас, режа таклиф этилди, йўл кўрсатилди.

Бу оилаларнинг ичида 81 998 нафар меҳнатга лаёқатли, аммо иш билан банд бўлмаган фуқаро бор эди. Бугунги кунга келиб, 20 146 нафари иш билан таъминланди. Бу дегани, ҳар тўрт кишининг бири ўз оёққа турди. Бу — давлат берган имкониятни қўлдан бермаган, рўзғорига ўзи эгалик қилишга ҳаракат қилаётган минглаб ўзбек оилалари демакдир.

Жорий йил вилоят бўйича 104 минг нафар аҳолининг камбағалликдан чиқарилиши режалаштирилган бўлса январь-май ойларининг ўзида 14,7 мингта оила (66,9 минг фуқаро)нинг даромадларини оширишга хизмат қилувчи 28 мингта ижтимоий хизмат кўрсатилди.

Энг муҳими, ярим йиллик режанинг 135 фоизга бажарилгани ва йиллик кўрсаткичнинг 65 фоизи амалга оширилгани дастур вилоятда амалий натижа бераётганини кўрсатмоқда. Бу, албатта, ҳали йўлнинг бошланиши. Олдинда яна минглаб оила, минглаб тақдирлар турибди.

Тизим бор жойда натижа бор

Ҳар бир оилага ёндашув — индивидуал. Ҳар бир реэстрда номи бор фуқаро учун ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходимлар томонидан 286 минг 302 та аниқ хизмат тури белгилаб чиқилган. Энди оиланинг ўзи билмайдиган муаммо ҳам, давлат учун ёт эмас.

48 минг 82 та оила уч тоифага ажратилган:

  • Қизил тоифа — 5,1 минг оила, яъни энг оғир ҳолатдагилар,

  • Сариқ тоифа — 41,2 минг оила, яъни муаммолари ҳал этилиши керак бўлганлар,

  • Яшил тоифа — 1,6 минг оила, яъни ўзини тиклаганлар.

Бу тасниф муаммо устидан ҳукм чиқариш эмас, бу — давлатнинг ҳар бир тақдирга ёндашув стратегиясидир.


Раҳбар — энди халқ орасида

Президентнинг энг кескин позицияларидан бири — ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган оиланинг ҳолати учун шахсан жавобгар бўлиши керак, деган талаби эди.

Бугунга келиб, Хоразм вилоятида 1 023 нафар раҳбарга 5 117 та энг оғир аҳволдаги оила бириктирилган. Улар ТОУЧ ИД тизими орқали ҳар бир ташрифни рўйхатдан ўтказмоқда, ҳар бир хизматни ҳисоботга айлантирмоқда.

Ҳокимликлар, секторлар, идоралар, ҳатто маҳалла фаоллари бу жараённинг марказида. Бу ишлар якунида:

  • 28 950 та хизмат белгиланган,

  • шундан 26 667 таси бажарилиб, умумий ижро 92 фоизни ташкил этган.

Бу хизматлар қуйидагича йўналишларга бўлинган:

  • Барқарор бандлик: 8 260 хизмат (90% бажарилган),

  • Касб-ҳунар ва таълим: 3 914 хизмат (93%),

  • Соғлиқни сақлаш: 6 771 хизмат (96%),

  • Уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш: 1 790 хизмат (83%),

  • Маҳалла инфратузилмаси: 939 хизмат (85%),

  • Ижтимоий хизматлар: 7 276 хизмат (94%).

Бу ишларнинг ортида — кунлик мажбурият эмас, умуммиллий жавобгарлик турибди. Ҳар бир раҳбар, ҳар бир ташкилот, ҳар бир тизим энди фуқаронинг ҳаётини ўзгартириш учун хизмат қилиши керак. Шундагина Президент таъкидлаганидек, бу ишлар «умуммиллий ҳаракат»га айланади.

Бизга рақамлар эмас, жавоблар муҳим. Бизга кўрсаткичлар эмас, турмуши ўнгланган, ҳаётидан рози инсонлар керак.Биз шунинг учун ҳаракат қилаяпмиз.

Хоразм вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зафар Бахромович Оллакулиев