Янгиликлар
Янгиликлар
2025-11-09
Хоразм вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси раҳбариятига нисбатан билдирилган «босим, зўравонлик ва ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатлари» ҳақидаги мурожаат ижтимоий тармоқларда эълон қилинганлиги муносабати билан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Мурожаатда тилга олинган ходим 2025 йил 28 август куни Урганч туманлараро фуқаролик суди қарори асосида ишига тикланган. Мазкур суд қарори ижроси тўлиқ таъминланган бўлиб, ходим ҳозирги кунда ўзининг белгиланган меҳнат вазифаларини одатдаги тартибда давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, ходим томонидан таъкидланганидек, бошқарма раҳбарияти томонидан:
· босим ўтказиш,
· руҳий тазйиқ кўрсатиш,
· ноқонуний равишда ишдан бўшатишга уриниш,
· хизмат фаолиятига сунъий тўсқинлик қилиш
каби ҳолатлар амалдаги хизмат текширувлари давомида тасдиқланмаган.
Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари ва хизмат фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида қатъий ҳимоя қилинади.
Шунингдек, мурожаатда келтирилган бошқа ходимларга доир суд қарорлари ҳар бир ҳолат бўйича суд органлари томонидан мустақил тартибда кўриб чиқилган бўлиб, мазкур қарорлар бўйича зарур ижро ҳаракатлари қонунчиликка мувофиқ амалга оширилган. Бу ҳолатлар бошқарма раҳбари томонидан ходимга босим кўрсатилаётганини англатмайди.
Ҳозирги кунда бошқарма жамоасида хизмат интизоми, меҳнат шароитлари ва ходимларнинг ҳуқуқий кафолатлари бўйича қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмоқда. Мурожаат муаллифига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Фуқароларни асоссиз маълумотлардан тийилиш ва аниқлаштирилмаган ахборотларни тарқатмасликка чақирамиз. Ҳар бир мурожаат қонунда белгиланган тартибда ўрганилиб, холис ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.